Imtiyozlar va preferensiyalar

Экспорт қилувчи корхоналар учун имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига мувофиқ экспорт қилувчи корхоналарга қуйидаги солиқ имтиёзлар ва афзалликлар тақдим этилади:

· қўшимча қиймат солиғига

· акциз солиғига

· фойда солиғига

· мулк солиғига

Қўшимча қиймат солиғига бўлган имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 212-моддасига асосан товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади, яъни экспорт қилишга мўлжалланган товарлар ишлаб чиқариш жараёнида моддий манба учун қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади.

Акциз солиғига бўлган имтиёзлар

Акциз тўланадиган товарларни уларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан экспортга реализация қилишга акциз солиғи солинмайди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган акциз тўланадиган товарларнинг айрим турлари бундан мустасно (Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, 230-модда).

Қуйидагиларга акциз солиғи солинмайди:

- акциз тўланадиган товарларни уларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан экспортга реализация қилишга, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган акциз тўланадиган товарларнинг айрим турлари мустасно;

- кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши шарти билан "божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режимига жойлаштирилган товарлардан ишлаб чиқарилган қайта ишлаш маҳсули бўлган акциз тўланадиган товарларни топширишга.

Фойда ва мулк солиғига бўлган имтиёзлар

“Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.06.2000й. ПФ-2613-сон Фармонига асосан экспорт қилувчи корхоналар (хом ашё товарларини сотиш бундан мустасно) учун фойда солиғи ва мулк солиғи ставкаси умумий сотиш ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товар (иш, хизмат)лар экспортидаги улушига боғлиқ ҳолда камайтирилади:

экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда бўлганида - 30 фоизга;

экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида - 2 маротаба.

Мазкур солиқ имтиёзи ягона солиқ тўловини ҳисоблаш чоғида микрофирмалар ва кичик корхоналарга тадбиқ этилади.

Мазкур имтиёзлар савдо-воситачилик корхоналарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.10.1997й. ПФ-1871-сон Фармонида тасдиқланган товарларни экспорт қилувчи ишлаб чиқариш корхоналарига тадбиқ қилинмайди.

“Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.03.2011й. ПҚ-1512-сон Қарорига асосан эркин алмаштириладиган валютага сотилган экспорт улуши 80 фоиз ва ундан юқори бўлган тўқимачилик саноати корхоналари 1 январ 2016 йилга қадар мулк солиғидан озод қилинади.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод этилган. (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4354-сонли Фармони).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.08.2005й. 189-сонли Қарорига мувофиқ хорижий мамлакатларга экспорт қилувчи Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектларига чет элда ташқи бозорлардаги маркетинг тадқиқотларини ва ишлаб чиқараётган махсулотларни реклама қилиш мақсадида савдо уйлари ва ваколатхоналар очиш руҳсат берилган.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни савдо уйлари номига олиб чиқаётган экспорт қилувчи корхоналар товар консигнация шартларида, банк кафолатномаси ёки сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан экспорт контрактларини суғурталаш полисини тақдим этмасликлари мумкин.

Божхонада расмийлаштирилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида экспортчи шартномалар (контрактлар) асосида чет элдаги корхоналар номига олиб чиқилган товарлар бўйича валюта тушуми тушишини ёхуд ушбу товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтаришни таъминлайди.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”нинг демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида устувор йўналишларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.01.2011й. Ф-3557-сонли Фармойишини ижроси мақсадида, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Божхона қонунчилигининг қўлланилишини янада ихчамлаштириш мақсадида, қуйидаги Қонун лойиҳаси асосида амалдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодекси ва “Бож тарифи тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонуни бирлаштирилди, шунингдек халқаро норма ва стандартларга мослаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.04.2011й. 122-сонли Қарорига асосан "Ўзстандарт" агентлигининг маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси ташкил этилди. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

- экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ташкилотларга стандартлар, сертификатлаштириш, ёрлиқлаш, қадоқлаш ва бошқа параметрлар бўйича халқаро ва мамлакатлараро талаблар юзасидан бепул консультация хизматлари кўрсатиш;

- ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда стандартлар бўйича халқаро ва мамлакатлараро талабларни жорий этиш ва улар даражасига эришиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижий бозорларга киритиш бўйича зарур маълумотларни олиш учун ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ахборот-консультация ёрдами кўрсатиш;

- стандартлар, сертификатлаштириш, маҳсулотларни ёрлиқлаш, қадоқлаш ва бошқа параметрлар бўйича халқаро ва мамлакатлараро талабларнинг доимий равишда янгилаб бориладиган маълумотномасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, кейинчалик уни Интернет тармоғидаги "Ўзстандарт" агентлиги сайтига жойлаштириш.

Шунингдек, ишлаб чиқарувчи ташкилотларга қулай шарт-шароитлар яратиш, сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштириш мақсадида, қуйидаги Қарорга мувофиқ экспортга етказиб бериш учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ихтиёрий равишда сертификатлаштирилади.

“Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 25.08.2011й. ПҚ-1604-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви йиғимларининг амалдагига қараганда ўртача 2 маротабага камайтиришни назарда тутувчи янги ставкалари тасдиқланган.

Қарорга асосан 2011 йилнинг 1 октябридан бошлаб товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт қилувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар учун давлат божхона хизмати органларида экспорт контрактларини ҳисобга қўйиш товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида бевосита божхона постларида амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ хом ашё товарлари экспортидан ташқари). Ва, 2011 йил 1 октябрдан бошлаб, экспортга етказиб бериш билан боғлиқ бўлган тартиботларнинг божхона расмийлаштируви, декларация қилиш, сертификатлаштириш, санитария-эпидемиология назорати ва товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида қатнашадиган бошқа ташкилотлар фаолиятининг бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши учун "бир дарча" тамойили асосида бажариш механизмини жорий этилган.

Шу билан бирга, Қарорга мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари товарларини экспорт қилиш бўйича "Ўзтадбиркорэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига уларнинг товарларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш шартномалари бўйича, шунингдек хорижда ташкил этиладиган савдо уйлари орқали сотишда кўмаклашиш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишга доир амалдаги шартномалар гарови асосидан экспортдан олдинги молиялаштиришни ташкил этиш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари буюртмаларига кўра республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни етказиб бериш;

- экспорт маҳсулотларини сертификатлаштиришда кичик бизнес корхоналарига кўмаклашиш, реклама тадбирларини ўтказиш, халқаро ярмаркалар ва кўргазмаларни ташкил этиш ва қатнашиш, манфаатдор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ахборот ва маслаҳат хизматлари билан таъминлаш.

“Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 29.06.2000й. 245-сонли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорининг 5-бандига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.08.2011й. ПҚ-1604-сонли Қарори билан ўзгартириш киритилди. Унга кўра, хорижий валюта тушуми тушишининг белгиланган муддатдан кечикканда экспорт қилувчи корхоналардан ундириладиган жарима санкцияларининг енгиллаштирилиши, шу жумладан:

- белгиланган муддатлари ўтгандан кейин хорижий валюта тушуми тушишининг 30 банк кунидан кўпроқ (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун - 60 банк куни) кечикишига йўл қўйган юридик шахс-резидентлар республика бюджети фойдасига жарима тўлайдилар:

- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатдан 180 кунгача кечикканда - тушмаган валюта маблағлари суммасига нисбатан 10 фоиз эквивалентда;

- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатдан 180 кундан 365 кунгача кечикканда - тушмаган валюта маблағлари суммасига нисбатан 20 фоиз эквивалентда;

- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатдан 365 кундан ортиқ муддатга кечикканда - тушмаган валюта маблағлари суммасига нисбатан қўшимча равишда 70 фоиз эквивалентда.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги 30.12.2011й. ПФ-4399-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ уй паррандаси овқатбоп қўшимча маҳсулотларини экспорт қилишга қўйилган тақиқловчи тизим бекор қилинди.

“Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.2012й. ПҚ-1731-сонли Қарорига асосан маҳаллий товар (иш, хизмат) ишлаб чиқарувчи корхоналарга қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

- халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари, бошқа норезидентлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича халқаро тендерларда хорижий қатнашчилар билан тенг шароитларда, жумладан ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга чет эл валютасида шартномалар тузган ҳолда иштирок этиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга тўғридан-тўғри битимлар шартида норезидентлар билан хорижий валютада шартномалар тузиш.

Қарорнинг мазкур (5) бандида кўрсатилган шартномалар фақат хизмат кўрсатаётган ваколатли банкда ҳисобга қўйилган ва экспорт қилувчи корхоналардек солиқ имтиёзлари берилган ҳолда экспорт шартномаларига тенглаштирилади.

Қарорнинг 6-бандига кўра, 2012 йил 1 апрелдан бошлаб янги қурилиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик янгилашга валюта кредитлари бўйича асосий қарзни қайтаришга жорий тўловлар бўйича йўналтириладиган валюта тушуми қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотишдан асосий қарз батамом тўлаб бўлинадиган муддатга қадар озод қилинган.

Сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификациядан ўтказиш, шунингдек лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш комплексларини харид қилишга йўналтириладиган маблағларга янги технологик ускуналарни сотиб олишда назарда тутилган ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани камайтиришнинг амалдаги тартиби микрофирмалар ва кичик корхоналар учун татбиқ этилган (7 банд).

Тижорат банкларига экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга оширишнинг чекланган муддатини 60 кундан 90 кунга узайтирган ҳолда экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга ошириш ҳажмини кенгайтириш тавсия этилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарда халқаро стандартлар сериясидан ИСО 9000 фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар жорий этиш кўзда тутилган. ИСО 9000 нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- юридик шахсларнинг солиққа тортилувчи даромад (фойда) базасини сифатни бошқариш системасининг ривожланишига йўналтирилган инвестиция миқдорида камайтириш;

- синов лабораториялари томонидан лаборатор тадқиқотлар ва тестлар ўтказиш мақсадида олиб кирилган технологик ускуналар бож ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш.

Жорий йилда ҳукумат томонидан республика экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.08.2013й. ПҚ-2022-сонли Қарорига мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, чет эл бозорларида рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш, мамлакатимизнинг экспорт қилувчи тадбиркорларини ташқи бозор конъюнктураси ўзгаришлари хавф-хатарларидан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки қошида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси ташкил этилди.