Tabriklar, bayonotlar

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.М.Ғаниевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи

 

Ассалому алайкум, муҳтарам ҳамкасблар!

Шу кунларда, биз давлатимизнинг янги тарихидаги қутлуғ сана Асосий қонунимиз – Конституция қабул қилинганининг 24 йиллигини тантанали нишонламоқдамиз.

Шу муносабат билан, барчангизни ушбу улуғ айём билан чин дилдан табриклайман!

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча соҳаларида эришилаётган улкан ютуқлар замирида Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий кафолатлар ётгани ҳеч кимга сир эмас.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуганиевич Каримов ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи бўлиб, ўтган 25 йил давомида уни ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этишнинг ҳақиқий кафолати бўлди.

Муҳтарам Ислом Абдуганиевич раҳбарлигида мустақиллик йилларида инсон ва унинг манфаатини кўзлаб амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар - халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарди, жумладан юртимиз эркин, озод мамлакатга айланди ва тез суръатларда ривожланаётган давлатлар қаторига қўшилди.

Шу йилгача эришилган ва ҳозирда бутун дунё ҳавас билан эътироф этаётган ютуқларимиз, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов номи ва фаолияти билан узвий боғлиқдир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 мартага, экспорт ҳажмлари эса 30 мартага ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 12 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда.

Барчангизга маълумки, бундай юқори кўрсаткичлар дунёнинг камдан-кам давлатларида кузатилмоқда.

Бундай тахсинга сазовор кўрсаткичларга эришишда, ҳусусан давлатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг, жумладан Вазирлик жамоасининг – Сизнинг ҳиссангиз жуда катта аҳамиятга эгадир.

Барчамизга маълум, 2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Мазкур сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, унда Шавкат Миромонович Мирзиёев ишончли ғалаба қозонди.

Шавкат Миромоновични сайловда ғалаба қозонганлиги ўзбек халқининг унга бўлган юксак ишончи, ҳамда республикамизнинг жадал ривожланишига қўшган ҳиссасини тасдиқлайди. Шу муносабат билан, келинг ҳурматли Шавкат Миромоновични ушбу ғалаба билан муборакбод этайлик.

Ушбу масъулиятли давлат лавозимида уларга улкан зафарлар ва янги ютуқларни тилаб қоламиз.

Ишончим комилки, ҳурматли Шавкат Миромонович бошчилигида Ўзбекистонда чорак аср мобайнида самарали амалга оширилиб келинаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат ўзининг мантиқий изчиллигини сақлаган холда, Биринчи Президентимиз томонидан белгилаб берилган, яъни 2030-чи йилга қадар мамалакатимиз ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёдга ошириш хамда ривожланган давлатлар қаторига кириш вазифасини албатта бажарилишини таъминлаймиз.

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказишда Вазирлигимиз жамоасининг ҳиссаси Ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътироф этилиб юқори баҳоланди.

Ўйлайманки, келгусида ҳам биз Шавкат Миромонович томонидан қўйиладиган барча вазифаларни юқори савияда ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бор кучимизни сафарбар қиламиз.

 

Азиз дўстлар!

Давлатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан барчангизни яна бир бор табриклайман, Сиз ва яқинларингизга ўзимнинг энг самимий тилакларимни билдираман.

Юртимизда тинчлик ва осойишталик доимо барқарор бўлсин!

 

Эътиборингиз учун раҳмат!